Автор работы: Пользователь скрыл имя, 21 Июня 2012 в 10:10, реферат
Тадқиқот мавзусининг долзарблиги Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги глобал даражада амалга оширилаётган стратегик интеграцион вазифаси
— мамлакатдаги барча ҳўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи дунё билан ўзаро хамкорлиги учун тенг ҳуқуқли ва миллий манфаатларга жавоб берувчи шарт-шароитлар яратиш асосида халқаро валюта-молия ва савдо механизмларига бевосита қўшилишидир. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун жаҳон иқтисодиётига хос бўлган глобаллашув жараёнида ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш натижасида миллий иқтисодиётда ташқи савдо стратегиясининг экспортга йўналтирилганлиги ва рақобатбардошлигини ошириш орқали жаҳон бозорида ўзининг юксак ўрнини таъминлаш хозирги куннинг асосий муаммоларидан ҳисобланади.
КИРИШ ……………………………..........3
1-БОБ Акциядорлик жамияти шаклидаги қўшма корхоналар фаолиятида
ташқи савдо алоқаларининг илмий назарий асослари……...........………………….9
1.1. Ташқи савдо алоқалари ҳақида тушунча……………………………………..9
1.2. Давлатнинг ташқи савдо алоқалари сиёсати………………………………..17
1.3. Мамлакатни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартиришлар даврида ташқи савдо алоқаларининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари ….........…………..26
2-БОБ Тошкент шахридаги акциядорлик жамиятлари шаклидаги қўшма корхоналарнинг ташқи савдо алоқалари ҳолати тахлили………...........………..34
2.1. Ўзбекистонда ташқи савдо алоқаларининг ривожланиш
тенденциялари……………………………………………………………...........…34
2.2. Ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган қўшма корхоналарнинг ҳўжалик фаолиятига иқтисодий тавсифнома…………………………….............38
2.3. Акциядорлик жамияти шаклидаги қўшма корхоналарнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлигининг бугунги куни ва муаммолари……….............41
3-БОБ Мамлакатни модернизация қилиш даврида ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган қўшма корхоналарнинг ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш йўллари………………………………………………………..................................49
3.1. Ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган қўшма
корхоналарда экспортни ривожлантириш босқичлари,
муаммолари ва истиқболлари…………………………………………............….49
3.2. Мамлакатни модернизация қилиш даврида ташқи савдо алоқаларидан самарали фойдаланиш йўллари….…………………………………...........…….….63
Хулоса ва таклифлар………………………………………........…70
Фойдаланилган адабиётлар
Қонуннинг янги таҳрири моддалари мамлакат қонунчилигида юз берган ўзгаришларни, ташқи савдо режимини эркинлаштириш вазифаларни ҳамда бошқа таҳририй тузатишлар ва қўшимчаларни ҳисобга олиб янгиланди.
Ташқи иқтисодий фаолият моҳиятидан келиб чиқиб, янги таҳрирда ташқи иқтисодий фаолият турларига аниқлик киритилди. Қонунчиликни қўллаш амалиётида малакали ишлатиш учун қонундаги асосий атамалар
ва тушунчаларнинг талқини берилди, улар халқаро - ҳуқуқий дефинициялар билан мос келади.
Янги таҳрирдаги қонунга эркинлаштириш талабларига мос янги қоидалар киритилди, масалан, ташқи савдо фаолияти иштирокчиларининг ўз ҳуқуқ
ва манфаатларига тегишли ахборотларга эга бўлиш, ҳорижий жисмоний шахсларнинг Ўзбекистан ҳудудида корхоналар очиш ҳуқуқ ташқи савдо фаолияти иштирокчиларининг ҳакамликни ва қўлланиладиган қонунчиликни танлаш ҳуқуқи, ташқи иқтисодий фаолият субъектларини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатга олиш талаби чиқариб ташланди.
Мамлакатнинг иқтисодий мустақиллиги ва хавфсизлиги ҳимоя қилиш устуворлиги концепциясини ривожлантира бориб, жаҳон амалиётида қабул қилинган ва ГАТТ (ГЖСТ) битимларида киритилган ҳимоянинг аниқ чора
ва усуллари назарда тутилган — ҳимоя, компенсация ва антидемпинг чоралари, олиб келинадиган товарларга техник, фитосанитар, экологик талаблар,
экспорт - импортни тақиқлаш ва чеклаш чоралари. Бу хозирги босқичда Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим йўналишларидан бири — мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантириш, мамлакат иқтисодий манфаатлари талаб қилганда чеклашларни жорий қилиш учун муҳимдир. У ташқи иқтисодий фаолият соҳасида базавий қонун ҳисобланади.
Қонуннинг янги таҳририда қурол - яроғларни, ҳарбий техникани ва икки мақсадда ишлатишга мўлжалланган товарларни экспортини назорат қилишни бошқарувчи меъёрлар, шунингдек ташқи савдо алоқаларини амалга оширишнинг алоҳида тартибини (эркин иқтисодий зона ва эркин савдо зонасида имтиёзли шароитларни берувчи) бошқарувчи маҳсус моддалар киритилган.
Қонуннинг янги таҳририда ташқи савдо фаолият субъектларининг ҳуқуқларни кафолатлашга ва бурчларини белгилаб беришга бағишланган бўлими анча такомиллаштирилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистан миллий иқтисодиёти субъектларининг ташқи савдо алоқаларини эркинлаштиришга қаратилган, шу жумладан экспорт ва импорт операцияларини тарифлар воситасида ва тарифсиз бошқаришни тартибга солиш, экспорт маҳсулоти ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга доир чора - тадбирлар кўрилди.
Мазкур чораларнинг ҳаммаси имтиёзли тусда бўлиб, амалдаги ҳуқуқий меъёрлардан баъзи истисноларни тақозо этади. Бироқ улар шунчаки имтиёзлар тизими эмас, барча кўрсатилган имтиёзлар аниқ йўналишга эга.
Улар юқори даражада қайта ишланган экспорт маҳсулотини ишлаб чиқарадиган корхоналаргагина татбиқ этилади, шу сабабли ундан савдо - воситачи ташкилотлар, хомашё ресурсларини экспорт қилувчи ва шу каби бошқа ташкилотлар фойдалана олмайдилар.
Ҳақиқатда ўз маҳсулотини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва воситачи корхоналар учун экспорт - импорт ва солиқлар воситасида тартибга солишнинг қўшалоқ тизими барпо этилди. Агар уларни макроиқтисодий назария позицияларидан туриб қарайдиган бўлсак, ҳеч қандай фарқ бўлмаслиги керак, лекин ўзгартириш жараёнларини амалда рўёбга чиқариш равон шароитларда эмас, балки ўтиш даври шароитларида юз бермоқда, шу сабабли Ўзбекистан Республикаси хукумати томонидан мазкур иқтисодий стратегия танланган. Айни ишлаб чиқарувчи корхоналар ва воситачи корхоналарнинг фаолият кўрсатиш шароитларини ажратиш ғоятда мақсадга мувофиқ чора бўлди, зеро хозирги бозор иқтисодиётининг узоқ вақт барқарор бўлиши худди шу ишлаб чиқарувчи тузилмаларга асосланади.
Ҳориж бозорларига, айниқса МДҲ мамлакатлари бозорига чиқишга интилиб, ишлаб чиқариш фаолияти билан фаол шуғулланаётган микроиқтисодий субъектларнинг ҳаммаси анчагина қулай ҳуқуқий ахволга тушиб қолди. Шундай қилиб, ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳуқуқий ахволининг фойдали жиҳатларидан амалда Республиканинг барча хўжалик юритувчи субъектлари фойдалана оладилар, бинобарин, мулкчиликнинг исталган шаклидаги корхона
ва фирмалар экспорт - импорт ва солиққа оид имтиёзлардан фойдаланиш учун ўзларининг асосий фаолиятларини тегишли тарзда қайта кўра оладилар.
3-BOB. Мамлакатни модернизация қилиш даврида ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган қўшма корхоналарнинг ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш йўллари.
3.1. Ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган қўшма корхоналарда экспортни ривожлантириш босқичлари, муаммолари ва истиқболлари.
Хозирги пайтда бирон давлатдаги иқтисодий ўсиш ва халқнинг фаровонлиги кўп жиҳатдан ўша давлатнинг халқаро савдо ва халқаро меҳнат тақсимоти афзалликларидан нақадар унумли фойдаланаётганлигига боғлиқ.
Шу маънода давлатнинг ташқи савдони халқнинг даромади манбаига айлантириш имконияти асосан хукуматнинг иқтисодий сиёсатига боғлиқ.
Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг айни палласида экспорт ҳажми ва салоҳиятини ошириш бир неча сабабга кўра муҳим ахамият касб этади.
Биринчидан, экспортни ривожлантириш ички бозордаги чегараланган имкониятлардан ташқари таклиф бозори ҳажмини ташқи омиллар эвазига кенгайтириш имконини беради. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мазкур омилнинг долзарблигини шу билан изоҳлаш мумкинки, бир тарафдан, мустақилликка эришгунга қадар мамлакатдаги деярли барча корхоналар нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет итифоқининг бошқа республикалари эҳтиёжини ҳам қондиришга қаратилган ҳолда тузилган бўлса, бошқа тарафдан, мустақиллик йилларида ташкил этилган кўпгина корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам (асосан текстиль, автомобиль, кимё саноати ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида) ички талабнигина эмас, балки ташқи дунё эҳтиёжини ҳам қондиришга йўналтирилган. Бироқ айни пайтда мазкур корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланилмаяпти ва уларнинг бир қатор маҳсулотлари ички бозор ҳажмининг чегараланганлиги ва ушбу соҳада мавжуд муаммолар туфайли экспортнинг ҳам чегараланганлиги учун ўз рақобатбардошлигини йўқотмоқда. Демак, мазкур корхоналарда мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш ва шу аснода рақобатбардошликка эришиш кўп жиҳатдан келажакда бу маҳсулотлар экспорти кўламини ошириш билан боҳликдир. Айни пайтда яна бир омилни ҳисобга олиш керакки, хозирги даврда иқтисодиётнинг деярли кўпгина тармоқларида рақобатбардошликка эришиш фақатгина оммавий ишлаб чиқариш (кўлам таъсири) эвазига бўлиши мумкин. Бу эса нафақат ички, балки ташқи бозор талаби хам аввалдан ҳисобга олинган тармоқларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш кераклигини назарда тутади.
Иккинчидан, экспорт фаолияти даврида миллий ишлаб чиқарувчилар ташқи бозорда чет эллик ишлаб чиқарувчилар томонидан жиддий рақобатга дуч келадилар. Бу ҳолат уларни доимо ишлаб чиқаришни замон талабларга мос тарзда жорий этиш, янги технологиядан фойдаланиш, маҳсулот ассортиментини янгилаб туриш ва унинг таннархини пасайтиришга ундайди. Демак, узоқ муддатли даврда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришнинг муҳим шарти сифатида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган сиёсатни айтиш мумкин.
Учинчидан, йилдан йилга Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган чет эл сармоялари кўлами ортмоқда. Бу, ўз навбатида, келажакда сармоя сиёсати билан боғлиқ бўлган сармоявий маҳсулотлар импорти (бунга маънавий ва моддий эскириш натижасида техника ва технологияни янгилаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш каби амалларни мисол қилиш мумкин), чет эл сармояси киритилган корхоналар фойдасини репатриация қилиш, фоиз ва дивидендларни тўлаш, ташқи қарзни узиш ва бошқа ҳаражатларнинг ошишига сабаб бўлади. Мазкур чиқимларни қоплашнинг асосий манбаи экспорт тушуми бўлганлиги сабабли тўлов баланси ва макроиқтисодий барқарорликнинг келажакдаги ҳолати кўп жиҳатдан мамлакатнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга боғлиқ бўлади.
Тўртинчидан, иқтисодиётда таркибий қайта қуришни амалга ошириш ҳамда жами экспорт ва ишлаб чиқаришда қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар салмоғини ошириш иқтисодиётни технологик жиҳатдан модернизация қилиш масаласига бориб тақалади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун сармоявий маҳсулотлар импорти ҳажмини сезиларли даражада ошириш керак. Бундай маҳсулотлар импорти ҳаражатларини қоплашнинг асосий манбаи эса экспорт бўлганлиги учун мазкур масаланинг ечими ҳам экспортни ривожлантириш, уни жадаллаштиришга боғлиқ.
Бешинчидан, жаҳон тажрибасига кўра, экспортни рағбатлантириш сиёсати импорт ўрнини босиш сиёсатига нисбатан анчайин самаралироқ. Миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш ва аҳоли реал даромадларини сезиларли даражада оширишга фақатгина импорт ўрнини босиш сиёсатидан воз кечиб, экспортни рағбатлантириш сиёсатига урғу бергандагина эришиш мумкин.
Кўп мамлакатлар иқтисодий ривожланишда кучли протекционизм ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичидан ўтадилар, кейин эса аста-секин экспортга йўналиш томонга силжийдилар. Кўпинча импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодий мустақилликка эришишнинг усули бўлиб хизмат қилади.
Мамлакат иқтисодий ўсишининг юқори ва барқарор суръатларига эришишни истар экан, аста-секин экспортга йўналтирилган иқтисодий сиёсатга ўтиш муқаррардир. Шу билан бирга, экспортга йўналтирилган стратегияни шакллантириш учун обдон тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлаш лозим. Бозор тамойиллари бўш ривожланган иқтисодиётларда протекционизмни бартараф қилиш ресурсларнинг экспортга йўналтирилишига эмас, улардан тўла фойдаланмасликка олиб келади. Тузилмани муваффақиятли тартибга солиш учун инвестициялар талаб қилинади, бироқ тадбиркорлар, шу жумладан кичик бизнес, иқтисодий кўрсаткичлар зарур йўналишда силжиш мумкинлигидан далолат бермагунча, ўзлари ҳохлаган секторга ҳам маблағ ўтказишлари амри маҳол.
Бугунги кунда экспортни ривожлантириш бу макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, инвестицион фаолиятни рағбатлантиришга йўналтирилган давлатнинг умумий иқтисодий сиёсатининг ажралмас бир қисмидир.
Экспортни кенгайтириш — республикага эркин муомаладаги валютанинг кириб келишини кучайтириш ҳамда миллий валютани мустахкамлаш демакдир. Бу корхоналар эҳтиёжманд бўлган янги технологиялар ҳам демакдир. Бу ижтимоий масалаларни ҳал этиш — иш ҳақини ошириш, ижтимоий инфраструктурани кенгайтириш демакдир. Бу ишлаб чиқаришни мунтазам янгилаб туришни кучли тарзда рағбатлантириш демакдир. Бир сўз билан айтганда, экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришни хартомонлама рағбатлантириш ва миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлаш: бугунги кунда энг долзарб бўлиб, уни ҳал этмасдан иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳақида сўз юритиб бўлмайди.
Экспорт салоҳиятини юксалтириш, унинг ҳажмини ошириш, таркибини такомиллаштириш, географиясини кенгайтириш муҳим ва долзарб вазифалардан бири бўлиб, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг мураккаб вазифалари қаторига киради.
Мамлакатимизда экспортни ривожлантириш ҳусусиятлари ва муаммоларини ёритиб бериш мақсадида 2005-2009 йилларда ташқи савдонинг ривожланиши, хусусан экспорт ҳажми, таркиби ва географиясидаги ўзгаришларни (динамикасини) кўриб чиқиб, уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлашга харакат қилайлик.
Ўзбекистон хомашё ва табиий ресурслар етказиб берувчи мамлакатлигича қолишида давом этса, стратегия нуқтаи назардан ташқи бозорга қарамликка махкум бўлиши табиий. Экспортга фақат хомашё ва табиий ресурслар чиқарилса, бундай шароитда миллий ҳўжаликнинг заифлиги ортади. Негаки унинг самарадорлиги кўпроқ жаҳон хомашё бозорларининг конъюнктурасига боғлиқ бўлиб келади. Бу бозорнинг аҳволи эса унчалик барқарор эмас. Кейинги пайтда пахта толаси, энергетика, қора ва рангли металлар, олтин, минерал ўғитлар бозорлари конъюнктурасининг ёмонлашуви мамлакатимиз иқтисодиётига ўзининг бевосита таъсирини ўтказмоқда. Чунки хозирги кунда ҳам республика экспортининг 50 фоизга яқинини ана шу маҳсулотлар ташкил этади.
Маълумки, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти экспорт ҳажмини тўхтовсиз ошириб бориш имкониятини беради. Бу борада ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигининг асосий кўрсаткичларидан бири экспортнинг маҳсулот ва хизматлар таркиби ҳисобланади. Собиқ Иттифоқ доирасидаги меҳнат тақсимотига кўра Ўзбекистонга ҳомашё базаси роли берилганлиги республикамиз экспорт товар таркибида ўз аксини топганлиги ҳаммага маълум. Мустақиллик йиларида ҳомашё товарларининг экспортини сезиларли даражада қисқартиришга эришилган бўлса ҳам, хамон экспорт номенклатурасида хомашё ҳамда тўлиқ қайта ишланмаган товарлар устунлик қилмоқда ва устига устак, уларнинг сифати ҳам жаҳон стандартларига тўғри келмайди.
Жаҳон тажрибасининг гувоҳлик беришича, бир турдаги маҳсулотни кўплаб миқдорда экспорт қилишга мослашиш мамлакат иқтисодиётини ушбу маҳсулотнинг жаҳон бозори конъюнктурасига боғлиқ қилиб қўяди.
Ҳукуматимизнинг босқичма-босқич олиб бораётган ташки савдо алоқалари натижасида Ўзбекистон экспортида мустақиллик йилларида сезиларли таркибий ўзгаришларга эришилди.
Юқорида келтирилган баъзи ижобий ўзгаришларга қарамай, экспортда ҳамон ҳомашёнинг улуши юқорилигича сақланиб келмоқда. Экспортнинг салмоқли қисмини, маълумки, пахта толаси, энергетика ресурслари ҳамда қора ва рангли металлар ташкил этади. Масалан, ушбу учта асосий экспорт қилинадиган ҳомашёнинг улуши 2000 йил умумий экспорт ҳажмида 44,4 фоизни ташкил этади. Мутасадди ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон нарҳларининг пасайиши оқибатида 1998 йилнинг ўзида республикамиз таҳминан 170-180 млн. АҚШ доллари миқдорида валюта тушумларини йўқотди. Бундан ташқари, ушбу жаҳон хомашё бозорларининг беқарорлиги экспортни амалга оширишда уларга мослашишни ва атайлаб бу маҳсулотларнинг экспорт миқдорини камайтиришни тақозо этади. Шунга кўра 1998 йилнинг ўзидагина экспорт ҳажми ўртача 130 млн. АҚШ долларига қискарди.